Өлең, жыр, ақындар

Алишер Навоий турк дунёси адабиётининг энг машҳур вакили

Алишер Навоий турк дунёси адабиётининг энг машҳур вакилидир. Чунки хеч ким бу тил ва адабиётнинг равнақи учун унингдек хизмат қила  олган эмас. Навоий ижоди туркий адабиётнинг энг юксак чўққисидир. Чунки ҳеч ким унга қадар бу тилда бунчалик «кўб» ва «хўб» (Бобур) ёзмаган эди. Навоий барча туркий халқларнинг энг буюк шоиридир. Чунки у ўзини «Хито (й) дан то Хуросон» гача ёйилган туркий  «қавм» ларнинг ўз шоири, деб билди. Уларни бир адабий тил байроғи остида бирлаштирди, «якқалам» қилди. Бу билан миллатнинг иқтисодий, сиёсий маънавий равнақига буюк таъсир кўрсатди.

Алишер Навоий асарларида ҳоким бўлган руҳ самимият, соддалик, азму ирода, холис ниятлик,  жиддият ва покиза ахлоқ қатъиятлари билан ифода этилади.

Ким нима деса десин, аммо шоир бўлишлик илоҳий қудрат намунасидир, соддароқ қилиб айтганда худо берган хислатдир. Энди бу  хислатга файласуфлик, доҳиёна тафаккур, сўфиёна покизалик қўшилса буни авлиёлик деб атамоқлик жоиз бўлади. Дуруст, Алишер Навоий умуминсоний қадриятларни куйлаган жаҳоний шоир. Аммо ҳар қандай шоир қалбига ҳам қандайдир ғоя етакчилик қилади. Шубха йўқки, Алишер Навоий буюк мутаффаккир сифатида кўпгина фанлардан, жаҳон фалсафий тафаккуридан, диний ақидалардан воқиф бўлган,  хусусан, ислом динининг унинг барча нозик жиҳатларигача билган, Қуръоннинг сураю оятларини энг нозик маъноларигача тушунган. Унинг  мутаффакир сифатида фазилатларига ислом оламининг рухи, ислом оламидаги ахлоқий фазилатлар мос келган. Маълумки, ижодкор хоҳ тасвир устаси бўлсин хоҳ шоир бўлсин, қалби ва шуурига келмайдиган мавзуга қўл урмайди, қўл уролмайди ҳам.

Алишер Навоий умрининг охирларида фоний тахаллуси билан форсий тилда яратган ўн икки минг мисрадан ортиқ шеърларини тўплаб, «Девоний Фоний» (Фоний девон)ни яратди. Алишер Навоий лирикасининг мавзу доираси жуда кенг. Ундаги энг етакчи мавзу ишқ  - мухаббатдир. Шарқ адабиётида куйланадиган ишқ икки турга ажратилади: 1. Ҳақиқий ишқ.  2. Мажозий ишқ.

Хақиқий ишқ  деганда, вужуди мутлаққа - яратганга, Ҳаққа, Оллоҳга бўлган муҳаббат тушунулади. Мажозий ишқ деганда эса, инсонга, борлиққа бўлган муҳаббат англатилади. Мажоз шартли равишда бирон-бир нарсанинг ўз - ҳақиқий маъносини эмас, балки бошқа бирон нарсага кўчган-кўчма маъносини билдиради. Ҳақиқий ишқ – Оллоҳ муҳаббати экан, мана шу ишқнинг Оллоҳ яратган мавжудодларга, жумладан инсонга кўчирилган шакли мажозий ишқ демакдир. Чунки тасаввуф дунёқарашига кўра Оллоҳ бу дунё ва ундаги гўзал  мавжудодларни яъни инсонни ўз ишқи ҳамда баркамоллигининг рамзи сифатида яратгаан. Оллоҳдаги бор фазилатлар У яратган  мўъжизаларда мужассамлашган. Демак, инсондаги гўзалликни, инсонга  муҳаббатини куйлаш мажозий ишқдир. Мутафаккир Навоий  ўзининг ишққа фалсафий муносабатини қуйидагича баён этади:

    Гар Навоий йиғласа, ишқинг мажозийдур дема,

    Ким, назар пок айлагач, айни ҳақиқатдир мажоз,

    Мажоздин манга мақсуд эрур ҳақиқий ишқ,

    Нединки, аҳли ҳақиқатқа бу тариқат эрур.

    Мажоздин чу ҳақиқатқа нафй улки беҳақиқат эрур.

Навоийнинг ишққа нисбатан нутқаи назарича, инсоний муҳаббатга пок назар билан ёндашилса, у ҳақиқий ишқнинг ўзгинасидир.Дарҳақиқат, шоирнинг ўзи бутун умри мобайнида инсонни дунёвий манфаатларидан, жинсий-шахвоний, муносабатларидан холи равишда, илоҳий муҳаббат билан севган. Инсондаги хислат ва фазилатларни илоҳий деб эъзозлаган. Навоийнинг, ўз эътирофича, мажозий ишқ орқали  ҳақиқий ишқни куйлаш Навоий сингари хақиқат аҳли учун махсус йўл эди. Демак, Навоий асарларида тасвирланган инсонга муҳаббат замирида Оллоҳга муҳаббат мужассамдир.

Алишер Навоийнинг дунё ҳақидаги қарашлари мана шу муқаддимада ўз аксини топган. Унингча, дунёнинг боши ҳам охири ҳам, яратувчи ҳам, кузатувчи ҳам Аллоҳдир:

   Аввал ўзунг, охиру мобайн ўзунг,

   Барчаға холиқ,  айн ўзунг.

Бир вақтлар бу жаҳон пинхон (яширин) эди. На ер, на кўк,на кун, на  тун ҳеч нарса йўқ  эди. Ҳамма-хаммаси сенинг бағрингнда эди, -дея давом этар эди шоир. -Сендан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарса йўқ эди. Нозир хам, манзур ҳам ўзинг эдинг. Ишқингдан маст, ҳуснингдан масур эдинг.

Ҳуснинг жилвасига чеку чегара йўқ эди. Сенга бир кўзгу керак бўлди ва шу мақсад билан дунёга келди.Демак, дунё сенинг жамолингга бир ойнадир. Сенинг қудратли хар нарсани яратмоққа қодир хазинангда кўп нарса бор эди. Сен дунёни ғоят гўзал қилиб яратдинг, лекин хаммасидан инсонни улуғ (шариф) айладинг. Бинобарин, Аллоҳ ҳар нарсадан улуғ ва яқинтутган инсон ҳам табиатнинг, ҳам жамиятнинг гултожисидир. Шоирнинг Аллоҳ, борлиқ, инсон ҳақидаги фикрлари шундай.У дунёни Аллоҳ жамолининг намоён бўлиши деб билади. Инсон эса унинг марказий сиймоси. 

МАҚОМ арабча калима бўлиб, бир неча маъноларда истеъмол қилинади. Аслида бу калима феълидан ясалган исм макондир. Ўрин, жой маъносини ифодалайди. Мақоми Ибраҳим, яъни Ибраҳим алайҳис салом турган ўрин демакдир. Маълумки Иброҳим Халилуллоҳ Каъба биносида тош устига чиққанлар. Ана шу ўрин Мақоми Ибраҳим деб танилган. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

Иброҳим турган ўринни намозгоҳ  қилиб олинг, деган оят нозил қилди.( Бақара 125 оят)

МАҚОМ олий даража, юкса мавқе,улуғ мартаба маъносида ҳам келади. Аллоҳ таоло Росулуллоҳга инъом этган шафоатни Қуръонда мақоми маҳмуд деб атади:

Роббингиз сизни мақтовга сазовор мақомда тирилтирмоғи учун туннинг бирор қисмида Қуръонни (тиловат  қилиб) нафл намоз ўқинг. ( Исро 79 - оят) 

Араб тилида мажлис, бир жойда тўпланиб ўтирган жамоат ҳам мақом дейилади. Жоҳилият даврида қабила йиғинлари мақома деб аталган. Умвийлар ҳукмронлик пайтида халифа ҳузурида зуҳд-тақвога оид ҳадислар ўқиладиган илмий йиғин мақома дейилган. Ҳижрий учинчи асрга келиб, араб адабиётида ўзига хос янги бадиий жанр пайдо бўлади. Сажъ услубида ёзилган бу насрий асарлар Мақомат деб  номланади.

Биринчи бўлиб Мақомат ёзган адиб Бадиъуззамон  Ҳамазонийдир. Ҳижрий  389-йилда  вафот  этган  Бадиъуззамон  асари  омма  ўқувчилар  томонидан қизғин қаршиланади. Адабиёт оламидаги  янги анъанани, оғир  бўлишига  қарамай, Қосим ибн Али Ҳаририй (516 ҳ) давом эттиради. У араб ва ажамларни  лол  қолдирган  Мақомат яратади.«Мақомати  Ҳаририй» номи билан танилган  бу  асар  Бадиъуззамон Мақоматидан кўра  кўпроқ  шуҳрат  қозонади. Китобнинг француз, инглиз, олмон тилларига таржима қилиниши  асарнинг  одамлар қалбидаги кучли таъсирига ёрқин далилдир. Кейинчалик Сарақустий, Замаҳшарий, Суютий каби олимлар бу жавҳада  жонбозлик кўрсатиб, янги Мақоматлар билан адабиёт хазинасининг бойишига улкан ҳисса қўшадилар.

Охирги икки асрда Мақомат учун  енг  шимарадиган  бирор  бир  қаламкаш топилмайди. Адабиёт оламидаги узоқ йиллик  сукунатдан  мақоматчилик умри битганга  ўхшарди. Нафақат омма халқ орасида, балки адиблар  ўртасида  ҳам  номи  унутилаёзган  мақоматларга   наждлик ёш олим Оизул  Қорний  қалами  асқотади. У  замонавий сайқалдаги  «Мақоматул  Қорний» китоби  билан  адабиёт  саҳнасида  барқ уради.

Ўзбек тилида мусиқий оҳанг, куй  йўли  ҳам  мақом  деб  аталган. «Шашмақом» классик куйларнинг  бир  қисмига  берилган  номдир.

Ҳатти ҳаракат, усул; йўл  маъносида  истеъмол қилинади. «Уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга  йўрғалар».

Туркий ҳалқлар адабиётида  ҳам турли маъноларда ишлатилган мақом калимасига  дуч келасиз.

   Майхонадур жаҳонда,  Фузулий, мақоми амн,

   Жаҳд эт бир эв ҳубоб киби, анда тут мақом.

Алишер Навоий  ғазалиётининг  асосий  мазмун-моҳиятини ишқ  ташкил  қилади. Хамма  фикрлар мана шу ишқ тушунчаси атрофида  айланади.Унингча,дунёга  келмоқдан  мурод комил  инсон  бўлмоқдир.Комилликнинг  биринчи  белгиси  эса,ошиқликдир . Бу  фикр  хилма – хил  ҳаётий  тимсоллар  орқали  ифода  қилинади:

Ўтға  солғил  сарвни ул  қадди  мавзун  бўлмаса ,                                           

Елга  бергил  гулни, ул  рухсор  гулгун  бўлмаса.

Ошиқнинг  мухаббати  шунчалар оловли . ҳижрон туфайли  чекадиган оҳлари шунса кучлики, у тап тортмай, оҳининг  қуюнлари  билан  ғам  тоғини   текисликка  айлантиришни ният қила олади:

Сарсари  оҳим  эсар  ғам шоми ҳижрон тоғиға,                                                      

Яхшидур  тонг  отқуча  бу  тоғи ҳомун бўлмаса.

Ошиқ ўзини муҳаббатдан, демакким,дарддан айри кўролмайди.Шу боис унинг учун пари ишқида дарди кўп бўлмасликни фаўат тентакликнинг дарди кўплигидан деб изоҳлаш мумкин деб билади:

Телбаликдин, ваҳки,ҳар дам дардим афзундур,агар

Ул пари ишқида ҳар дам дардим афзун бўлмаса.

Эҳтимол, ошиқнинг бу холати қизга  ғалати  кўринар ва уни телба деб  билар.Хўш  нима қилибди? Телба бўлмаган  одам  парига  кўнгил  қўярмиди:

Эй  Навоий, тонма гар дер ул пари мажнун сени,                                    

Ошиқ  ўлғайму париға улки мажнун бўлмаса.

Алишер Навоийнинг  ишқий  ғазалларида  маъшуқадан меҳр, аяш   талаб   этилмайди, унинг  олдига  масала   қўйилмайди.  Айни  шу  ўринда Навои шеъриятнинг сўфиёна моҳияти аён бўлади  дейиш мумкин. Чунки маъшуқа  -бир  баҳона. Аслида, кўпроқ Яратганга   муҳаббат, унинг синовларига тайёрлик, у тайин этган қисматга сабр, берган ризққа қаноат сингари ҳолатлар шеърий сатрларга  айлантирилган бўлади.

Хазрати Навоийнинг ишқий ғазаллари кутилмаганда ижтимоий маъно касб этиш, унда  тасвир мароми, белгиланган эстетик мўлжал тезгина ўзгариб кетиши ҳам ўзига  хос мароҳат белгисидир. Чунончи, шоирнинг:   

 Мен жаҳондин кечдиму кечмас  менинг жонимдан эл,

 Мен илик жондин юдум, чекмас илик қонимдин эл.

Бу ғазалда кўпчиликнинг руҳиятини ғоят пухта билган, унинг адоқсиз ташвишларини деб озурдажон бўлган шахснинг кайфияти тасвирланган.

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдим санго,

Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдим санго.

Шеър анъанавий, ошиқнинг маъшуқага дил изҳори билан бошланади: ошиқ ёр ҳуснини кўришга зор. У ишқ деб аталган дардга мубтоло бўлган.

Ошиқ  бу  мубталоликдан қутулишга уринади. Хар кун уни ўзига мубтало қилган ёрдан кўнгил узишга   харакат  қилади. Лекин  кундан  кун  ёрдан узилиш ўрнига, аксинча , унга  баттаррок боғланиб  боради:

Ҳар   неча  дедимки, кун –кундун узай  сендин  кўнгул,

Ваҳки,кун-кундин баттарроқ  мубтало  бўлдум  санго.

                     ғазал охирида

Жоми Жам бирла Хизр суви насибимдур мудом,

Соқиё, то тарки жоҳ  айлаб гадо бўлдум санго.

Ривоятларга кўра, жоми Жам, яъни Жамшид жомига қуйилган май адо бўлмайди. Сеҳрли қадаҳ ўз эгасига икки дунё сирларини намоён этади. Хизр суйи - тириклик сувидир.Уни ичган киши абадий яшайди.Байтдан »гадо бўл» иш, яъни Аллоҳ жамолидан ўзга нарсалардан юз ўгириш ошиқни дунё саодатига эриштирди деган сўфиёна маънони уқиш мумкин бўлганидек, сенга кўнгил қўйганимдан буён насибам ғам майи тўлатилган, ҳеч тугамайдиган қадаҳ ва тинимсиз оқувчи кўз ёшлар бўлди тарзидаги мазмунни англаш мумкин.   

Ушбу рубоий Навоийнинг йигитлик лирикаси намунасидир.Ишқий  мавзуда  яратилган бу  рубоий  ўзига  хос  асардир .

     “Жон” имдағи   “жим” икки “дол”инға  фидо,

       Андин сўнг “алиф”  тоза  ниҳолинға  фидо,

     “Нун” и доғи анбарин  хилолинға  фидо ,

       Қолғон  икки  нуқта  икки  холинға  фидо

“Жон” сўзи   таркибидаги  учинчи  ҳарф “нун”дир . “Нун” –шаклига  кўра ,инсон  қошларга  ўхшайди   ва уни  тасвирлашда  бадиий  вазифа  бажаради. Учинчи мисрада  шоир “жон”даги “нун” ни  маъшуқанинг  “анбарин  ҳилол” ига бағишлайди.Ҳилол  нима?Ҳилол- янги кўринадиган  ой  бўлиб  ,  одамнинг  қошлари   “нун” дан  ҳам  кўпроқ  ўшанга  ўхшайди.Шунинг  учун  у   бадииятга      , хусусан  , мазкур  мисрада ҳам  истиоравий  тарзда  тўғридан  тўғри “ҳилол” эмас “анбарин ҳилол”деб  сифатланиши  яна бир санъат.”Нун”ни  қоши  ифодаланаётган  ҳилолга  ўхшатиш  эса  уч  карра  саъаткорликдир.Англашиладики,шоир  жонининг  яна  бир  парчасини севиклининг  анбарин  ҳилолига қурбон  қилади.

Асар айни  пайтда, Навоий  ижодига  ҳуруфийлик-ёр ,яъни Оллоҳ  жамолини  ҳарфларда  кўриш , ҳарфлар  воситасида  манзур  ҳуснини  тасвирлаш, унга  соғинч ,муҳаббат изҳор  этиш  фалсафасининг  таъсирини  ҳам  ёрқин  акс  эттирган.    

      Ёраб, ул шаҳду шакар ё лабмудур   

      Ё магар шаҳду шакар ёлабмудур.

      Жонима пайваста новак отқали,

      Ғамза ўқин қошига ёламабдур.

«Ё раб» дея ҳайратланади: У-лабмикин, шакармикин, асалмикин?! Ё  магарким, ёрим, асал билан  шакар ялаганмикин-а?! Учинчи , тўртинчи  мисраларда  эътибор  қош  тасвири  ва  таърифига  қаратилган. Бунда  ҳам  мутойиба   тарзидаги  таажжубланиш бор: «Бу-ёримнинг  қошларимикин  ёки  у  менинг  жонимга  узлукиз  ўқлар  отиш мақсадида  ноз- қарашма  ўқларини  қошларига  тизиб  ёйлабдими?! » Демак, туюқда  ошиқона бир  мазмун  мутойиба  тарзида, тажнис  усули  асосида  ифодаланган.Тажнисга нишон  бўлган  сўз  биринчи  мисрада «лабмикан», иккинчи  мисрада «ялабмидикан» маъноларида  маҳорат  билан  қўлланган.

Навоийнинг  «Лисон ут-тайр»и ҳам  қушларнинг  тўпланиб, суҳбат қуришларидан  бошланди.Улар  ҳам  адолатли  подшони излаб  йўлга  тушадилар.Лекин  Навоий  қушларнинг  ҳар  бир  ҳатти –ҳаракати  қатъий  интизом  ва  мантиққа  бўйсинади  Чунончи, қушлар  мажлисга  йиғилганда  жой  талашиб,  тортишиб  қоладилар.Қарасалар тўти  пастда, олақуш  юқорида, лочин  ўрнида  калхат, тожлилар  оёқ  остида-ю, тожсизлар  тепада.Жанжал  чиқади . Адолатли  подшога  эҳтиёж  пайдо  бўлади.

    -Қани бир  одил  шоҳ  бўлса-ю, ҳар  биримизнинг  ўрнимизни  белгилаб  берса  эди, дейдилар.

   -Шундай  шоҳ  бор,- дейди  ҳудҳуд  ва  Семурғнинг  васфини  айта  бошлайди.

«Лисон ут-тайр»  воқеаси  шундай  бошланади. Бунда  ҳам  савол-жавоблар  бўлади, ҳикоялар  келтирилади. Водийлар  босиб  ўтилади.Охир-оқибатда  қушлар  ўзларининг  Семурғ  эканликларини англаб  этадилар. Навоийнинг  ўзи  бу  асарини  камтарона  таржима  деб атайди.Эътиборли  мутаххассислар  Семурғни    излаш  ва  топиш  воқеасининг  қўйилиши  ва ҳал  қилинишида  маълум  фарқлар  борлигини,  ҳикояларнинг  аксарияти  янги  эканлигини  кўзда  тутиб  , «Лисон ут- тайр» ни  мустақил  асар  деб  ҳисоблайдилар.

«Лисон ут-тайр» Навоий ижодини  якунловчи  асарлардан  биридир. У, аввало, шоирнинг дунё  ва  борлиқ  ҳақидаги  қарашларни  якунлайди. Унингча, бу  дунё  хақнинг  тажаллиси-Оллоҳнинг жилолланиши,  дунёдаги  барча  мавжудот  Оллоҳнинг  тазоҳири, ўзини  номоён  этишдир.Шу  жумладан, энг  улуғ  мартаба  берилган  инсон  ҳам  шундайдир.Фақат  бу  ўзини  шу  ҳолини  англаши  керак.Англаш учун  эса  у  узун  ва  машаққатли йўлни  босиб  ўтмоғи лозим. Бу-етти  водийдир.Сўнги  водий   фақру фано  водийсидир , йўқликка  айланмоқдир,Оллоҳга  қўшилмоқдир.Чунки  инсоннинг  яратилишидан  мурод  ҳам  шу  Оллоҳ  васлига  эришмоқ, унга  қўшилмоқ  эди.Бу  шоир  илгари  сурган  муҳим  тасаввуфий ғоялардан   бири  эди. Тасаввуфда инсоннинг фоний дунёдаги умри – боқий дунёдаги абадий ҳаёти учун бадал, тўлов деб қаралади.Агар одам ана шу тўлов,имтиҳон даврини яхши ўтказса, чин дунёда гўзал ажримга эга бўлади.Унинг руҳи Яратганнинг руҳига қўшилади.Шунинг учун бир умр комиллик йўлидан борган Фарҳод гарчи бу ёлғон дунёда жисман ҳалок этилган бўлса-да,боқийлик шаҳрида султонлик, ҳақиқат мамлакатида хонлик  мартабасига эришган ҳисобланади.

Тасаввуфнинг асосини дунёнинг яратилиши ҳақидаги  фикр ташкил қилади.Тасаввуфда инсонни Аллоҳга олиб борадиган йўлга тариқат дейилади.

Мутасаввиф адиблар тасаввуфий тушунчаларнинг рамзлар силсиласини яратдилар.Унга кўра,рамзли сўзлар янги ва теранроқ маънога эга бўлади ҳамда соликнинг ҳолатини тўлароқ вапардали ифодалашга хизмат қилади. Тасаввуф адабиётида кенг қўлланадиган қуйидаги сўзлар берадиган рамзий маънони ўрганиб олиш,сўфиёна  асарларни  тушунишни осонлаштиради:

“ишқ”- банданинг Аллоҳга бўлган севгиси

“ошиқ”- Аллоҳга етишмоқликни истаган киши

“маъшуқ”-  Аллоҳ

“айш-ишрат”-Аллоҳга яқинлик пайти

“шароб”-  Аллоҳ ишқи

«қадаҳ,коса,жом»- ошиқ қалби

«соқий»- тўғри йўл кўрсатувчи муршид

«харобот аҳли»- дарвишлар

«фақирлик»- Аллоҳдан бошқасига муҳтож бўлмаслик

«гулзор»- кўнгулнинг илоҳий муҳаббатдан яшнаши

             Кўнглум ғам ила тўқ айла, ё раб!

             Ишқ ичра мени йўқ айла, ё раб!

ёки

              Ишқ ила шоҳлиғ мувофиқ эмас

             Ишқ лофида шоҳ содиқ эмас.             

Ҳаётга, инсонга муҳаббат, умрни ғанимат  билиб қадрлаш ғоялари уфуриб турган  бу  рубоий Навоийнинг қарилик  рубобиётига  мансуб.У  юксак санъаткорлик  билан яратилган  асардир:

       Жондин  сени  кўп  севаман, эй умри  азиз,

       Сондин сени  кўп севарман,эй  умри азиз.

       Ҳар неники  севмак  ондин  ортуқ  бўлмас.

       Ондин  сени  кўп  севармен,эй умри  азиз.

Шоир дунёда  миқдорни  ифодаловчи қанчаки  сон  бўлса,ҳаётга,ёрга  бўлган  муҳаббат  ўшандан  ҳам  ортиқлигини  айтади.Лекин бундай  миқдор ҳам  ҳаётга, бир  умр  азиз  ҳисобланган  инсонга  муҳаббат  салмоғини  ифодалай  олмайди.Ниҳоят, шоир  умрга бўлган муҳаббат  чексиз  ва  ўлчовсиз  эканлигини  англайди  ва   ажойиб  тарзда  баён  этади:« Эй умри азиз, энг олий даражада  севиш  мумкин  бўлган  бирор  нарса  бўлсаки, бошқа  бир  нарсани  ундан  ортиқ  даражада  севиш  мумкин  бўлмаса, мен  сени ўшандан  ҳам ортиқ, яъни  имкондан  ортиқ  даражада  севаман.

Шоир ўзининг «Муҳокамат  ул-луғатайн»ида  ёзади : « ... умидим  улдур  ва  ҳаёлимға андоқ  келурким, сўзум мартабаси  авждан қуйи  инмагай...»

Дарҳақиқат, шундай бўлди. Шоиримиз айтганидек, Навоий «Темур тиғи етмаган   жойни  қалам билан  олди» . Унинг шуҳрат ҳаётлик  пайтидаёқ ҳамма ёққа кетди.

Навоий ижодиёти ХХ аср бошларигача туркча-чиғатойча деб номланган эски ўзбек  тили ва  адабиётининг энг  кўркам,  энг  сара  саҳифаси ўлароқ умумтурк маданиятининг жаҳоний шухратини таъмин этади.Бугун  янги  тарихий  шароитда туркий  қавларнинг   аксарияти мустақил  бир давлат ва мамлакат  сифатида  яшаб  турган, мутақил бир миллат  сифатида  шаклланиб,ўзининг  янги  тил  ва адабиётини яратган  бир  пайтда тили, дили, дини  бир  бўлган  туркий  дунёни маданий  асосларда  бирлаштиришдек  улуғ  ва  муқаддас ишга хизмат этмоқда. У биргина ўзбекнингэмас, бутун  бир  туркий  оламнинг бошида тож бўлиб турибди.

Навоийнинг бевосита ворислари бўлган ўзбек  ижодкорлари  учун  унинг  мероси  бугун  ҳам  катта  мактаб  вазифасини  ўтамоқда. Унинг  ҳикмат ва санъат  тимсолига  айланган шеърларидан  баҳра  олмаган, мўъжизавий  «Хамса»сидан  бирорта  достонни  билмаган  ўзбекни  топиш қийин. Унинг номида вилоят, шаҳар , университет, боғлар,майдонлар, театр  ва  мактаблвр  бор.

Қанчадан – қанча бадиий асарларда, театр саҳналари ва кино экранида, мусиқа ва тасвирий санъатда Навоий образи яратилди. У  авлодларнинг кўзи қароғида, ардоғида  яшамоқда.

Фойдаланилган адабётлар:

1. «Ўзбек адабиёти тарихи» Тошкент 1989й  ISBN 5-635-0956-0
2. Олий мақомлар
3. Алишер Навоий «Арбаъийн» «Мерос»-нашриёти-Тошкент-1991

ОҚО, Шымкент қаласы, Сайрам ауданы
№ 28 Ақбай жалпы орта мектебі
Өзбек тілі мен әдебиеті пәні мұғалімі
Усмонова Мамура Анаркуловна


Әлеуметтік желілерде бөлісіңіз:

Пікірлер (0)

Пікір қалдырыңыз


Қарап көріңіз